Қўқон Давлат педагогика институти ётоқхонасининг талаба қизлар яшайдиган хонага яширин видеокамера ўрнатилганлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани айтилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 2 апрель куни Қўқон давлат педагогика институти 1-ётоқхонасида яшовчи В.З. “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида талабаларнинг ечиниб-кийиниш хоналарига кузатув камераси ўрнатганлигидан норозилигини билдирган. Мазкур хабар шу куннинг ўзида тегишли тартибда рўйхатга олинган.
“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади”, дейилади ИИБ баёнотида.
Қўқонда талаба қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани фош бўлиши ортидан педагогика институти ректорати мужмал муносабат билдирди.
Унга кўра, камера ўрнатиш институт ректорининг буйруғи бўлган.
“Бундан кўзланган мақсад талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш, уларнинг руҳий ҳолатларини барқарорлаштириш ҳамда ўқиш жараёнидаги стресс ҳолатларини олдини олиш бўйича махсус хона ташкил этиш бўлган”, дейилади ректорат муносабатида.
Шу сабаб ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари талабалар ўз уйига кетишларини ҳисобга олиб хонани шанба куни жиҳозлаш бошланган.
Лекин бу ҳолат ҳақида талабалар ўз вақтида огоҳлантирилмаган. Натижада ушбу англашилмовчилик юз берган.