Эронда ҳижоб ўрамаган аёлларни аниқлаш учун камералар ўрнатилмоқда

Эрон ҳукумати жамоат жойларида ҳижоб ўрамаган аёлларни аниқлаш учун камералар ўрнатишни бошлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Полицияга кўра, сочлари рўмол билан ёпилмаган аёллар “огоҳлантирувчи матнли хабарлар” олади. Ҳукумат бу усул ҳижоб қонунига қарши чиқишларнинг олдини олишга ёрдам беришига ишонмоқда. Эронда ҳижобга қарши намойишларга 2022 йили ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олинган ёш курд аёл Маҳса Аминийнинг полиция ҳибсхонасида ўлгани сабаб бўлганди.

Аминийнинг вафотидан кейин ҳибсга олиниш хавфи борлигига қарамай, йирик шаҳарларда рўмолини ечган аёллар сони ортган. Полиция янги тизим “ҳижоб қонунини бузувчиларга ҳужжатлар ва огоҳлантириш хабарларини” аниқлаш ва юбориш учун “ақлли” камералар ва бошқа воситалардан фойдаланишни ўз ичига олишини айтмоқда.

Эронда аёллар қонун бўйича сочларини ҳижоб (рўмол) билан ўраши шарт. Қонунни бузган аёллар жаримага тортилади ёки ҳибсга олинади. Эрон президенти Иброҳим Раиси 2 апрель куни эронлик аёллар “диний зарурат” сифатида ҳижобда бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлаган.

Баёнот Эронда дўконга ҳижобсиз кирган икки аёлнинг эркак томонидан ҳужумга учрагани сабабли эълон қилинган.