Ташаббусли буджет учун овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида баҳоланади

Президент Шавкат Мирзиёев «Ташаббусли буджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорда тизимга оид бир қатор вазифа ҳамда қоидалар белгиланди. Жумладан:

2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1 309 та лойиҳа учун ҳам қўшимча равишда 1,3 трлн сўм маблағ ажратилади;
2023 йил 1-мавсумда ғолиб деб топилган 2 975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинади.
Бунда:

— жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб жорий йилнинг июл ойи;

— қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб август ойи белгиланади;

ташаббусли буджетлаштириш жараёнлари доирасида буджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Бунда, мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади;
ташаббусли буджет жараёнида овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизмини танқидий кўриб чиқиш, жумладан кенг жамоатчилик билан муҳокама қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилга келиб айрим жойларда Ташаббусли буджет лойиҳасини обрўсизлантириши мумкин бўлган ҳолатлар кузатилди. Жумладан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар дарс тугамай, устозлари томонидан сим-картага пул олиб келиш учун уйига жўнатилганди. Бу сим-карталардан Ташаббусли буджет доирасида овоз бериш учун фойдаланиш мўлжалланганди.

Шунингдек, Навоий вилояти Хатирчи туманидаги мактабда ўқувчилар дарс пайтида қуёш панели учун овоз йиғишга жалб этилди.

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси эса Ташаббусли буджетда овоз тўплаш бўйича “план” қўйгани маълум бўлди.