Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда вилоят ҳокимларига биттадан Креатив парк ташкил этиш топширилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган корхоналарга тўланган ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган эди. Бундан 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди, уларга 150 миллиард сўмлик ижтимоий солиқ қайтарилди, 100 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Шу боис ушбу тажрибани яна 2 йилга узайтиришга қарор қилинди.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб «ёшлар дафтари»га кирган талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини жорий қилиш топширилди.
Ёшлар ўртасида IT, реклама, кино, архитектура, дизайн, маркетинг, ҳунармандчилик, рассомчилик каби йўналишларга қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олиб, вилоят ҳокимларига йил якунигача биттадан Креатив парк ташкил этиш топширилди. Уларда IT парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланади.
Маълум қилинишича, бу мақсадлар учун «Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари» жамғармаси ва электрон платформаси ташкил қилинади. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу маблағлар иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса, фоизсиз ва гаровсиз ажратилади.