Ўзбекистонда талабаларга 2-курсдан бошлаб ОТМ раҳбари томонидан берилган сертификат асосида мутахассислиги бўйича ўқишдан бўш вақтида ишлашига рухсат этилиши режалаштирилаяпти. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини мутахассислиги бўйича ишлашига имконият яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Келтирилишича, бундан кўзланган мақсад Меҳнат кодексига мувофиқ, олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш, таълим билан бирга ишлашига ва қўшимча даромад топишига имконият яратишдир.
Қарор лойиҳасига кўра:
олий таълим муассасалари талабаларини иккинчи курсдан (айрим таълим йўналишларида иккинчи курсдан кейинги курслардан) бошлаб олий таълим муассасаси раҳбари томонидан берилган сертификат асосида мутахассислиги бўйича ўқишдан бўш вақтида ишлашига рухсат этилади;
ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти ва ҳақ тўланадиган стажировка ўтаётган талабаларни ишга қабул қилишда сертификат талаб қилинмайди;
талабаларни сертификат асосида мутахассислиги бўйича ишлашига фақат олий таълим муассасасида ўқиётган даврида рухсат этилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи талабаларга мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:
сертификат бериладиган таълим йўналишлари рўйхати;
сертификатни таълим йўналишлари бўйича қайси курсдан бошлаб берилиши;
сертификатни беришда инобатга олинадиган ҳолатлар.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги олий таълим муассасалари талабаларини ўқиш даврида мутахассислиги бўйича ишлашини инобатга олиб, 2024 йилга қадар хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификаторини ҳамда малака даражаларига эришиш схемасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриб чиқади.