Миллий гвардия матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти «Қўриқлаш» бўлими сафдор ходимининг 13 ёшли қизга нисбатан зўравонлик ишлатгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган аризада фуқаро М.Н. сафдор ходим Ш.Ш. томонидан 2019 йилда зўрланганини баён этган.
Айни пайтда Миллий гвардия ходими бўлган Ш.Ш. эса тизимда 2020 йил февраль ойидан иш бошлаган.
«Жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига биринчи марта 2022 йилда ариза билан мурожаат қилган.
Шундан сўнг, фуқаро М.Н.нинг аризаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун тақдим этилган», – дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, жорий йил 4 апрель куни мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Миллий гвардия ахборот хизмати сафдор ходим Ш.Ш.нинг келгусида «Қўриқлаш» бўлимида хизмат ўташи тўғрисидаги қарор тергов натижаларига кўра қабул қилинишини билдирмоқда.