Бугун, 17 апрель кунидан бошлаб Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳридаги мактабларда ўқув машғулотлари кучли қор бўрони туфайли онлайн шаклга ўтказилди. Бу ҳақда “Zakon.kz” нашри хабар берди.
Аниқлик киритилишича, шаҳардаги мактабларнинг 1-11-синф ўқувчилари, шунингдек, коллежнинг 1-2-босқич талабалари ноқулай об-ҳаво шароити туфайли масофавий таълимга ўтган.
Шунингдек, Қозоғистон пойтахтида қор ёғиши, қор бўрони ва шамолнинг кучайиши 15-20 м/с гача етган. Об-ҳаво шароитлари ёмонлашгани сабабли транспорт оқимлари ва жамоат транспорти тезлиги пасайган. Автобус йўналишларининг интерваллари ҳам кечиктирилган.
Маълумотларга кўра, бугун, 17 апрель куни Остона ва Қозоғистоннинг 14 вилоятида қор бўронлари ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган.