МИБ 1-чоракда 6,5 трлн. сўмлик ундирувларни амалга оширган

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.


Таъкидланишича, Бюро томонидан жорий йилнинг 1-чорагида ижро этиш соҳасида 6,5 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилиб, амалда бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 500 млрд. сўмга ошганлигини кўрсатмоқда.

Биргина, давлат фойдасига 1,9 трлн сўм, тадбиркорлик субъектлари фойдасига 1,7 трлн. сўм ва банкларга 2,5 трлн сўм маблағлар ундирилди. Жумладан, фуқароларимиз манфаатлари учун 400 млрд. сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди.


Фуқароларнинг мол-мулкига даҳл қилмасдан ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан 160 млрд. сўмлик 431 мингта ҳужжатлар ижро қилинди.

Энергия ресурслари соҳасида 28 минг 200 дан зиёд ижро ишлари тамомланиб, 392,8 млрд. сўмлик қарздорликлар ундирилди.

Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Масалан, Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлар учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳисобига 209,1 млрд сўм маблағ йўналтирилди.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 495 млрд. сўмлик алимент маблағлари ундирилди.
“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг 487 нафар ундирувчиларига 6,2 млрд. сўм зарар пуллари тўлаб берилди.