Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти СOVID-19нинг XBB.1.16 субвариантини ўз кузатув рўйхатига қўшди. Ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майкл Райан фикрича, бунга инфекциянинг янада кенг тарқалиш эҳтимоли сабаб бўлди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, янги мутацияга хос белгилар аввалги субвариантлар аломатлари билан бир хил. Ҳозир у мавжуд версияларнинг 4,2 фоизини ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, бир ой аввал бу кўрсаткич бор-йўғи 0,5 фоизга тенг эди.
“Ушбу вариант дунё бўйлаб кенг тарқалишда давом этиши мумкин, — дейди М. Райан. — Бу эса касалланиш кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлади. Шунга қарамай, ҳозирча янги вариантнинг оғир кечиши кузатилгани йўқ”.
Экспертларнинг хулоса қилишича, COVID-19 қарши эмланиш кўрсаткичлари юқори бўлган мамлакатларда хасталик нисбатан енгил ва асоратсиз ўтмоқда.