“Толибон” ҳаракати Таҳор ва Бағлон вилоятларида Рамазон ҳайити вақтида аёлларнинг сайр қилишини тақиқлаш ҳақида буйруқ берди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
Маълум қилинишича, “Толибон” ҳаж ва хайр-эҳсонлар раҳбарияти имом ва воизларга мактуб йўллаб, ҳайитда ваъз қилишда Ҳайбатуллоҳ Охундзода (“Толибон” етакчиси) номидан фойдаланишни буюрган. Мактубларда “Толибон” етакчисининг табрикномаси ҳам ҳайит намози хутбасига қўшимча сифатида ўқилиши лозимлиги қайд этилган.
Шунингдек, одамларга ҳайит кунларида мотам учун марҳумлар уйларига боришдан ҳам тийилиш кераклиги айтилган.
“Одамларга тухум уриш, товуқ уриш каби ноқонуний ўйинлардан воз кечиш тавсия этилсин”, — дейилади буйруқда.
“Толибон” аёлларнинг ижтимоий ҳаётига чеклов қўйиши янгилик эмас. Бунгача афғонистонлик аёлларнинг БМТ идораларида ишлаши, эркакларга аёллар учун кийим тикиш, аёлларнинг эркак шифокорларга бориши, тўйхоналар фаолияти, аёлларнинг университет ва мактабда таълим олиши, аёлларнинг шифохонага ёлғиз бориши ва уларнинг истироҳат боғига ташриф буюриши тақиқлаган.