Шавкат Мирзиёев Татаристон раиси Рустам Миннихановни қабул қилди

Учрашувда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда самарали ҳамкорликда юқори натижаларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда. Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россия делегациясининг мазкур ташрифи давомида янги лойиҳага – Жиззах вилоятида технопарк барпо этишга старт берилди.

Шунингдек, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишбилармонлар ўртасидаги шерикликка оид истиқболли лойиҳалар, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги индустриал паркларни очиш ва мавжудларини ривожлантириш, инновациялар, кичик бизнес ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамда коммунал тармоқларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.