Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ҳоким топшириғига кўра, ишдан ташқари вақт — кечаси 21:00 дан кейин ишга чақирилган ободонлаштириш ходими йўлда ЙТҲга учраб, вафот этди.
Маълум қилинишича, Марҳамат тумани ҳокими топшириғига кўра, туман Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари кеча, 25-апрел куни кечки пайт соат 21:00 дан кейин шоир Муҳаммад Юсуф қабрини ободонлаштириш учун мажбурий меҳнатга жалб қилинган.
“Шоир Муҳаммад Юсуф туғилган куни муносабати билан кеча кечки пайт 21:00 дан кейин туман ҳокими топшириғи билан Ободонлаштириш ходимлари мажбуран ишга жалб қилинди. Шоир қабристонига келаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимлари бўлган икки аёл йўлда аварияга учраб, бири вафот этди”, — дейди бу ҳақда хабар берган манба.
Манбанинг аниқлик киритишича, ЙТҲга учраган аёллар — Арофатхон ва Энахон исмли аёллар бўлган.
“Арофатхон воқеа жойида вафот этган”, — дейди манба.
Марҳамат тумани ҳокимлиги ЙТҲ содир бўлганини тасдиқлади.
“Жорий йилнинг 25-апрел куни соат тахминан 22:30 ларда фуқаро Ж.Т. ўзининг бошқарувида бўлган Матизъда Марҳамат тумани “Тўлға” МФЙ ўрамидан ўтган Марҳамат—Қува авотомобил қатнов йўлининг Қува йўналишида ҳаракатланиб бориб, бошқарувни йўқотиши натижасида йўл четида кетаётган фуқаролар А.Ж. ва Э.Б.ларни уриб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзгатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, тергов якуни бўйича айбдор шахсларга жазо муқаррарлиги таъминланишини ҳамда қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, — дейилади туман ҳокимлигининг дастлабки расмий баёнотида.