Суданда қуролли тўқнашувлар давом этаётгани сабабли мамлакатдан кўплаб чет эл фуқаролари, хусусан, ўзбекистонликлар ҳам эвакуация қилинди. Саудия Арабистони кўплаб одамларни олиб чиқишга кўмак берди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Айтилишича, турли давлатларнинг 200 дан ортиқ фуқароси 26 апрель куни Судандан эвакуация қилиниб, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига етказилган. Саудия Арабистони ёрдами билан Судандан эвакуация қилинганлар орасида Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Ўзбекистон, Яман, Сингапур, Камбожа, Малайзия ва Покистон фуқаролари борлиги айтилмоқда. Бироқ эвакуация қилинган Ўзбекистон фуқаролари сони очиқланмаган.
Маълумотларга кўра, эвакуация қилинганлар HMS Abha кемасида Жиддага етказилган. Қироллик эса уларни ўз мамлакатларига жўнаб кетишга тайёргарлик кўриш учун барча эҳтиёжларини таъминлашини маълум қилган.
Қайд қилинишича, эвакуация бошланганидан бери Судандан тахминан 2351 киши, шу жумладан Саудия Арабистонининг 119 нафар фуқароси ва 67 давлатнинг 2232 нафар фуқароси олиб чиқилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Суданда 15 апрелда бошланган можарода камида 459 киши ҳалок бўлган, 4 мингдан ортиқ одам жароҳатланган.
Мамлакатда армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхонга содиқ қўшинлар ва унинг собиқ ўринбосари, тезкор қўллаб-қувватлаш кучларига (RSF) қўмондонлик қилган рақиби Муҳаммад Ҳамдан Дагло ўртасида жанглар давом этмоқда.