Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон АҚШ Президенти Жо Байденнинг КХДРдаги мавжуд тартибни йўқ қилиш ҳақидаги баёнотларини “келажаги бўлмаган кекса одамнинг вайсаши”, деб атади. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни тарқатилган баёнотда сўз борди.
“Ҳисоб-китобларсиз индамай ўтиб бўлмайдиган яна бир факт шуки, бутун дунёнинг диққат марказида бўлган душман давлат ҳукмдори шахсан ўзи “режимни тугатиш” иборасини очиқчасига ишлатган. Буни кекса одамнинг аҳмоқлиги деб ҳисоблаш мумкинми? Албатта, буни келажаги йўқ, Америка Қўшма Штатларининг хавфсизлиги, келажаги учун масъул бўлишни ўз зиммасига олмаган ва қолган икки йиллик президентлик фаолияти билан қийналаётган кекса одамнинг бемаъни гапи деб ҳисоблаш мумкин”, дейилади баёнотда.
Айтиш жоизки, жорий ҳафтада Байден Жанубий Корея етакчиси Юн Сок Ёль билан Вашингтонда ўтказган қўшма матбуот анжуманида Шимолий Кореянинг АҚШ, унинг иттифоқчилари ва ядро қуролига эга шерикларига фаразий ҳужуми Пхеньян режимининг йўқ қилинишига олиб келишини айтган.
Байден Бош қўмондон сифатида ядро қуролидан фойдаланиш учун мутлақ ваколат ва ҳуқуққа эга эканини эслатган. Шу билан бирга, у Қўшма Штатлар Корея ярим оролида ядро қуролини жойлаштирмоқчи эмаслигини ҳам айтган.