Бухоро вилояти Қоракўл туманида 13 ёшли қиз чўлда тўрт эркак томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Ушбу хабар Бухоро вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан батафсил ўрганилди. Аниқланишича, ҳолат юзасидан ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаганлиги аён бўлган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жабрланувчи қиз эса ҳолат содир бўлган куни уни келинойиси ушбу эркакларга ташлаб кетганини, қаршилик кўрсатолмаганини айтган.
Жиноят иши бўйича айни пайтда тўрт нафар айбланувчига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, яна бир неча шахслар гумонланувчи сифатида ишга жалб этилган. Уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Жиноят ишини тергов қилишга вилоят Тергов бошқармасининг энг тажрибали терговчилари жалб этилган бўлиб, судга оид тиббий, билогия, психологик, компьютер-технологик, ҳамда ДНК экспертизалари тайинланган”, дейилади хабарда.