2023 йил 1 майдан дорихоналарда сотилган дори воситалари ва тиббий буюмлар учун белгиланган устамалардан юқори маблағ олингани аниқланса, ортиқча пулни истеъмолчига қайтариш тизими ишга туширилмоқда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “FAIR TECH” ягона ахборот тизими доирасида алоҳида модул ишлаб чиқилди. Қўмита хабарига кўра, бундан кўзланган мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва фармацевтика соҳасида қонунчилик меъёрларининг истеъмолчи фойдасига ишлашини интерактив усулларда назорат қилишдан иборат.
Янги тизим бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш онлайн тарзда тезкор амалга оширилади ва коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинади. Соҳада янги йўналиш сифатида истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплашнинг таъсирчан механизими жорий этилади.
Янги тартибга кўра, 2023 йил 1 майдан истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюм харид чекларининг QR-коди “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда белгиланган устамалардан юқори маблағ олингани аниқланса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига хабар юборилиб, ортиқча олинган маблағни истеъмолчига қайтариш тизими ишга туширилмоқда.
“Ҳозирда тармоқ Солиқ қўмитаси ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг электрон тизимлари билан ўзаро интеграция қилинган ва ҳамкорликдаги маълумотлар алмашинуви бўйича ишлайди. Сифатли мониторинг тизимини самарали ишлаши ҳамда техник жиҳатдан ишларни тезкор ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари планшетлар билан таъминланди”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, президентнинг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўллаш тартиби белгиланган.