Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 230-сонли болалар боғчасида директорнинг 15 ёшли ўғли 4 нафар қизчага, улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Бунга 3-4 нафар бола гувоҳ бўлган.
Kun.uz’ ҳамда «Газета.uz» нашрларига фарзандлари ўша боғчага қатновчи бир гуруҳ ота-оналар мурожаат қилган.
Kun.uz’нинг ёзишича, боғча мудирасининг ҳар куни боғчага келиб юрадиган, ўзи мактабда ўқийдиган ўғли болалар ухлаб ётган хонага кириб, қизларини қўрқитиб ечинтирган ва тегажоғлик қилган. Маълум бўлишича, қизларнинг ҳаммаси ота-оналари ва психологга бўлган воқеани бир хил баён қилишган.
Қизлардан бирининг отаси боғча мудирасининг эри ишни “ёпди-ёпди” қилмоқчи бўлганини айтган:
“Кеча фарзандимиз билан боғлиқ салбий бир воқеа содир бўлди. Онам қизимни боғчадан олиб кетаётган пайтида ундан кунинг қандай ўтди, деб сўраган. Шунда қизим боғчада ухлаб ётган пайтларида хонага бегона эркак кирганлигини, қизларни ечинтириб, қўли билан уларнинг жинсий аъзоларига тегинганини, ўзидан олдин иккита қизнинг кийимларини ечиб, уларга тегажоғлик қилганлигини, кейин ўзининг ҳам олдига келиб, кийимларини ечганлигини, қаршилик қилганлигини, аммо кучи етмаганлигини айтиб берган. Йигит менинг қизимдан кейин яна бир қизга шунақа тегажоғлик қилган. У қизча бақириб-чақира бошлагач, хонадан чиқиб кетган. Бу ҳолат бўлган пайтида хонада боғча опаси бўлмаган. Бу вазиятни эшитгач, боғчага келиб, ҳудуд профилактика инспекторини ҳамда прокуратурадан одам чақирдик. Психологлар ҳам келди. Уларнинг айтишига қараганда, бу бола боғча мудирасининг ўғли бўлган. У мактабнинг юқори синф ўқувчиси. Қандайдир бир болага овқат едиришга кирган эмиш. Ҳамма ухлаб ётганида кимга овқат едиради, қанақа бўлади у, хуллас ақлга сиғмайдиган нарсаларни гапиришяпти. У болага ҳар доим боғчага кириб-чиқиб юрган, ўзлари ҳам бу нарсани тан олишяпти. Пойтахтнинг марказида жойлашган боғчада шунақа ҳолат бўлиб тургани жуда афсусланарли. Биз оиламиз билан шок ҳолатига тушиб қолдик”, дейди ота.
Маълум бўлишича, боғчага психологлар чақирилган. Қизларнинг кийимлари экспертизага топширилган. Психолог болалар билан гаплашган. Тўртта қиз бўлган воқеани бир хил айтиб берган. Психолог мудиранинг ўғли билан ҳам гаплашган. У бунақа ҳолат бўлганини тан олмаган. Аммо психологнинг “Бошқа бу ишингни такрорламайсанми?”, деган саволига “Йўқ, такрорламайман” дея жавоб берган. Психолог қизлар алдамаётганлигини, бола уларга тегажоғлик қилгани бўйича ўз хулосасини айтиб кетган.
Кейин боғча мудирасининг турмуш ўртоғи келиб, кечирим сўраган ва бу ҳолат қайта такрорланмаслигини билдирган. У масалани шу жойнинг ўзида “ёпди-ёпди” қилишни илтимос қилган, ота-оналар бунга рози бўлмаган.
«Газета.uz»нинг суриштирувида келтирилишича, боғча мудираси бунинг барчаси туҳмат эканини айтмоқда. Бироқ у ўғлининг тарбияланувчилар ухлаётган хонага кирганини рад этмаган. Унинг сўзларига кўра, ўғли хонага 3:30 ларда кириб, 3:40 ларда чиқиб кетган, яъни ичкарида 10 дақиқа бўлган. Унинг айтишича, ўғлиўша гуруҳдаги укасига овқат едириш учун хонага борган.
Директорнинг сўзларига кўра, ўша куни тарбиячи Людмила опа (ўзи эса тушликкача ишлашини айтган) тиззалари лат еб, шишиб кетгани учун тушликдан сўнг уйига кетган. Унинг ёрдамчиси (нянка) эса иккинчи тушлик учун булочкаларни олиб келишга чиққан бўлган.
Мудиранинг айтишича, тиббий экспертизанинг жавоби «тоза» чиққан, орган ходимлари ҳозирча бу ҳақда ота-оналарни хабардор қилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари индамай туриш ва орадан 3−4 кун ўтиб, ҳаммаси унутилиб кетишини айтишган.
Боғчадаги ўша гуруҳнинг бошқа бир нечта қизлари ҳам ҳолатни кўрганларини айтиб, гувоҳлик беришган.
Ҳозирда ота-оналар томонидан ҳолат юзасидан ички ишлар органларига ариза берилган. Вазиятни Тошкент шаҳар ИИББ, Болалар омбудсмани ўрганмоқда.