Америкалик жарроҳлар тиббиёт соҳасида янги илмий ютуқни қайд этди ва туғилмаган боланинг миясида биринчи муваффақиятли операцияни амалга оширди. Бу ҳақда Science Alert хабар берди.
Гап Бостон болалар касалхонаси ва “Бригҳам ва аёллар касалхонаси” шифокорларининг муваффақияти ҳақида кетмоқда. Жарроҳлар туғилмаган боланинг миясидан муаммоли томирни эмболизация қилиш орқали уни сақлаб қолган.
Ҳомилада артериовеноз малформациянинг ноёб туғма касаллиги кузатилган. Одатда томирларнинг малформацияси жуда кам учрайдиган касаллик. Ўртача 60 минг чақалоқнинг бирида аниқланади.
АҚШда кузатилган ҳолатда ҳомиладорликнинг 34-ҳафтаси ва 2-кунида чақалоқ миясида катта қон томири аниқланган. Илгари бундай муаммога дуч келган шифокорлар, одатда, чақалоқ туғилгандан кейин жарроҳлик амалиётини ўтказган.
Бироқ мазкур ҳолатда шифокорлар операцияни бажаришга улгурмаслигидан қўрққан. Шунинг учун улар таваккал қилиб, ултратовуш ёрдамида туғилишдан олдин чақалоқни операция қилган.
Айни пайтда кичкина бемор аллақачон 6 ҳафталик. Операция яхши ўтган. Бачадондаги мембраналарнинг ёрилиши туфайли туғуруқ муддатидан олдин амалга оширилган. Аммо бу она ва чақалоққа зарар бермаган.
“Биз мамнуният билан чақалоқ олти ҳафтада ўзини яхши ҳис қилаётгани, ҳеч қандай дори-дармон қабул қилмаслигини айтмоқчимиз. Унинг вазни ортган ва ҳозир уйида. Бола миясида ҳеч қандай салбий таъсирлар кузатилмаган”, — дея жарроҳлар ўзларининг муваффақияти билан ўртоқлашган.