Қонун муқаддаслиги мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши лозимлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари Конституцияда илк бор Ўзбекистонга ҳуқуқий давлат деган таъриф берилганига эътибор қаратди.
Конституцияда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3 баробар кўпайтирилди.
Бу – авваламбор барча соҳада қонун устуворлиги таъминланади, дегани. Бундан буён, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлади.
«Энг муҳими, «Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!» деган қараш
жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши керак.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун судларнинг одил ва мустақил иш юритишини, албатта амалда таъминлашимиз зарур», — деди президент.
Шу мақсадда, Асосий қонунда ҳеч ким суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди; эркинликни чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланди; айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни «сукут сақлаш» ҳуқуқи биринчи марта алоҳида белгилаб қўйилди; адвокатлар мақоми оширилиб, улар терговчи ва прокурор билан тенг ваколатга эга бўлди.
Асосий қонунга киритилган бу илғор янгиликларни амалда жорий этиш осон бўлмайди, кўп жамиятлар бундай ўзгаришларни фақат орзу қилади.
Бунинг учун суд-ҳуқуқ идораларининг кадрлар салоҳиятини яхшилаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарур. Энг муҳими, терговчи, прокурор, судя, адвокатларнинг билим ва малакаси, маънавий дунёсини юксалтириш билан бирга аҳолининг ҳам ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳаммамизнинг дунёқарашимизни ўзгартириш талаб этилади.
«Қандай оғир бўлмасин, бу ишларни амалга оширишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда», — деди президент.
Президент мамлакатимиз демократик тараққиёт йўлини қатъий давом эттиришини таъкидлади. Бош қонунимизда бу мақсадга эришиш кафолатлари янада кучайтирилди.
«Бизга инсон ва бизнеснинг оғирини енгил қиладиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали бошқарув тизими керак. Маъмурий ислоҳотларни айнан шу мақсадда бошладик. Биринчи босқичда ҳукумат ва вазирликлар ихчам қилиниб, уларнинг иш услуби ўзгартирилди.
Навбатдаги вазифамиз вилоят ва туман даражасида ҳам бошқарув сифатини оширишдан иборат.
Менинг энг катта ниятим – одамларни қийнаётган муаммоларни маҳалланинг ўзи ечадиган халқчил тизим яратиш», деди давлат раҳбари.
Шу боис, молия, солиқ, бандлик каби идораларнинг камида 30 фоиз ваколатларини маҳалла даражасига тушириш режа қилинган.