АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп журналист Элизабет Жин Кэрроллни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди. Суд уни жабрланувчига умумий ҳисобда 5 миллион доллар миқдорида товон пули тўлашга ҳукм чиқарди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Айтилишича, Дональд Трамп Манҳэттендаги федерал ҳакамлар ҳайъати томонидан 1996 йилда ҳашаматли универмагнинг кийим алмаштириш хонасида Элизабет Жин Кэрроллни зўрлаган, деб топилган.
Кэрроллнинг таъкидлашича, Трамп уни Bergdorf Goodman универмагида зўрлаган. Сўнгра унинг бу ҳақдаги даъвосини рад этиб, унга туҳмат қилган. Шунингдек, Трамп Кэрролл унинг дидига мос келмаслиги, у ўз китобининг сотувларини кўпайтириш учун бу воқеани ўйлаб топганини айтган.
2022 йилнинг ноябрь ойида Кэрролл Нью-Йорк штатининг янги қонунидан фойдаланиб судга мурожаат қилган. Бу қонун жинсий зўравонлик айбловлари учун муддатни олиб ташлаган. Яъни жабрланувчиларга узоқ йиллар олдин содир бўлган ҳодиса бўйича ҳам судга мурожаат қилиш имкони берилган.
Фуқаролик иши бўйича ҳар қандай судланувчи сингари Трамп ҳам суд маҳкамасига келиши шарт эмас ва ўз ҳимоясида гувоҳлик бермаслик ҳуқуқига эга эди. Шунинг учун ҳам у судда қатнашмаган.
Энди Трамп ишни тинч ҳал қилиш доирасида Кэрроллга 2 миллион доллар тўлайди. Шунингдек, журналистга туҳмат қилгани ва обрўсизлантиргани учун яна 3 миллион доллар беради.
“Менинг Дональд Трампга қарши судга мурожаат қилишимдан мақсадим номимни оқлаш ва ҳаётимни қайтариб олиш эди. Бугун дунё ниҳоят ҳақиқатни билди. Бу ғалаба нафақат меники, балки унга ишонишмагани учун азоб чеккан ҳар бир аёлникидир”, деган Элизабет Жин Кэрролл.
Трамп эса Truth Social ижтимоий медиа платформасида эълон қилган видеосида у ҳукм устидан шикоят қилишни режалаштираётганини айтган. Шунингдек, у Кэрроллнинг кимлигини билмаслигини даъво қилган ва бу ҳолатни “шармандалик” ва “сиёсий жодугар ови” деб атаган.
Трампнинг адвокати Жо Таcопина собиқ президент билан гаплашганини ва у давом этишга ва олдинга боришга тайёрлигини билдирган.
“У кўпчилик сингари ҳакамлар ҳайъатига асосланган Нью-Йорк судида адолатли судлов бўлмаслигига қатъий ишонади”, деган Таcопина суд биноси олдида.
Кэрроллнинг бош адвокати Роберта Каплан эса ўз баёнотида ҳеч ким, ҳатто Қўшма Штатларнинг собиқ президенти ҳам қонундан устун эмаслигини айтган.