Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш учун 62 та давлат ташкилотининг рўйхати шакллантирилган ва уларга “E-anticor.uz” электрон платформасидан фойдаланиш имконияти яратилган. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ишлари давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан ташкиллаштирилиб, баҳолаш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилган.
10 апрель ҳолатига коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш юзасидан электрон платформага юборилган маълумотлар асосида 39 та вазирлик ва идора учун (ҳар бир функция бўйича аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи) коррупциявий хавф-хатарлар хариталари тўлиқ шакллантирилган.
Мазкур вазирлик ва идораларнинг фаолиятига доир умумий 1701 та функция коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказилиб, коррупциявий хавф-хатарлар даражаси 177 та функцияда “юқори”, 475 та функцияда “ўрта”, 1049 та функцияда “паст” баҳоланган.
“Баҳолаш натижалари таҳлил қилинганда айрим давлат ташкилотлари томонидан барча функциялар тўлиқ баҳолашдан ўтказилмагани, функцияларни баҳолашда ташкилотнинг аксарият функциялари асоссиз паст баҳолангани, шунингдек, ташкилот раҳбарияти томонидан мазкур амалиётга етарлича эътибор қаратилмагани маълум бўлди”, — дейилади хабарда.
Хусусан, Адлия вазирлигида 208 та функциялардан 24 та (11,5 фоиз), Қишлоқ хўжалик вазирлигида 107 та функциялардан 51 та (47,6 фоиз), Оила ва хотин-қизлар қўмитасида 60 та функциялардан 12 та (20 фоиз), Кадастр агентлигида 116 та функциялардан 12 та (10,3 фоиз) ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида 88 та функциялардан 10 таси (11,3 фоиз)гина баҳолашдан ўтказилган.
Транспорт вазирлигида платформага киритилган 72 та функциядан 66 та, Статистика агентлигида 55 та функциялардан 51 та, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида 118 та функциялардан 115 та ва “Ўзбекистон темир йўллариъ” АЖда 42 та функциялардан 40 таси паст баҳоланган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларда амалга ошириладиган функцияларнинг ягона рўйхати шакллантирилмасдан электрон платформага маълумотларни киритишда ҳокимликлар томонидан турлича ёндашилган. Жумладан, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 155 та, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан 198 та, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 35 та ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эса 13 та функция баҳолашдан ўтказилган.
Таъкидланишича, 23 та вазирлик ва идоралар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш натижаси юзасидан маълумотлар электрон платформага киритилмаган ва шу сабабли улар учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари шакллантирилмаган.
Кенг жамоатчилик “E-anticor.uz” платформаси орқали давлат органларининг баҳолашдан ўтказилган функциялари ва уларнинг коррупциявий хавф-хатарларга мойиллик даражаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини онлайн режимда юбориш имконига эга. Бу борадаги таклиф ва мулоҳазалар асосида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ишларини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш чораларини кўрмаган давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш бўйича ахборотлари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитилади ва муҳокама қилинади. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига юборилган.
Январь охирларида Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индекси 2022 йил натижалари эълон қилинганди. 180 та давлат орасида Ўзбекистон 31 балл билан 126-ўринни эгаллади. Мамлакат балларини 3 тага ошириб, ўрнини 14 поғонага яхшилашга (2021 йилда 140 ўрин) муваффақ бўлган.