Наманган ва Жиззах вилоятида мансабдор шахслар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Наманган вилояти туманларидан бирининг фермерлар кенгаши раиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога тумандаги машина трактор паркининг 30 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи танлов ғолиби деб топилган хусусий корхонага дўкон қуриши учун ажратилган 56 кв.м ер майдонида тегишли ишларни амалга оширишда зарур бўладиган ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам беришни ваъда қилган. Эвазига эса у корхона раҳбаридан 3 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Мансабдор сўралган пулдан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.