Тошкент шаҳрида аввал муносабатда бўлган аёлнинг фото-видеоларини эри ва қайнотасига кўрсатишини айтиб, ундан пул талаб қилган эркак ушланди.
Хабарга кўра, ИИВ тезкор-қидирув департаменти томонидан Тошкент шаҳрида яшовчи аёлдан товламачилик йўли билан 10 минг доллар талаб қилаётган шахс қўлга олинди.
Аниқланишича, бу икки фуқаро 2019 йилда ижтимоий тармоқ орқали танишган. Кейинчалик аёл ўз оиласи билан ярашиб олгач, эркак унинг интим фото-видеоларини турмуш ўртоғи ва қайнотасига кўрсатиш билан қўрқитиб 10 минг доллар талаб қилган.
Аёл оиласини сақлаб қолиш мақсадида дастлаб минг, кейинчалик 700 доллар берган. Бироқ эркак ундан яна 7 минг доллар талаб қилган. 10 май куни у 5 минг 800 долларни олаётган вақтда ушланди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.