Ўзбекистонлик амалдорларнинг костюм ва галстуклардан воз кечиши электр энергиясини тежашга ёрдам беради. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлилида сўз боради.
Қайд этилишича, МҲТИ кийим услубининг хона ҳарорати совутиш тизимига таъсирини таҳлил қилган: костюм ва бўйинбоғлар ўрнига қулай кундалик кийимга ўтишни мавсумий тартибга солиш ички энергия истеъмолига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, харажатларни камайтиришда ва иқлим учун фойдалидир.
Ўзбекистон миқёсида маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, бинолардаги кондиционерлар ҳароратини 2 даражага пасайтириш 293 миллион кВт/соат электр энергиясини тежаш ва карбонат ангидрид ажралишини 155,8 минг тоннага камайтириш имконини беради.
Биноларни совутиш глобал электр энергияси истеъмолининг 10 фоизи (2 000 TVт/соат) ва йиллик иссиқхона газлари ажралмасининг деярли 4 фоизи (1,950 миллион тонна)ни ташкил қилади. Кондиционерда ўрнатилган ҳароратни (совутиш режимида) 1 даражага ошириш истеъмол қилинадиган электр энергиясининг 7 фоизини тежайди, енгил кийим кийиш эса хонадаги идеал юқори ҳарорат чегарасини 2 даражага оширади.
Идеал ҳарорат оралиғи 23,5 даражадан (костюмдаги ишчи учун) 29 даражагача (ёзги кийимдаги киши учун) ташкил қилади. Аммо кўп ҳолларда термостат кўрсаткичи энг қуйи чегарага ўрнатилади ва натижада ишчиларнинг катта қисми ҳатто йилнинг жазирама кунларида ҳам кўп қаватли кийим кияди.
Таъкидланишича, баъзи мамлакатларда костюм ва бўйинбоғли ишчилар учун қулай ҳарорат яратиш учун кондиционерлардан фойдаланишдан қочишга ҳаракат қилинмоқда ва кундалик қулай кийимлар кийишни рағбатлантирилмоқда. Жумладан:
Япония ҳукумати томонидан ҳар йили ўтказиладиган Cооl Bliz тадбири орқали офисларда рухсат этилган кийим услубини ўзгартиришни рағбатлантирилади ҳамда энергияни тежашга эришилади;
Жанубий Корея ҳам шу каби Cооl Bliz тадбирини 2006 йилда жорий қилган;
БМТ Бош котиби энергия сарфини камайтириш ва БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасининг углерод изини камайтиришга қаратилган Cооl UN ташаббусини амалга оширган;
Шанхайнинг Лужиазуи тумани 32 та офис биносида костюм ва бўйинбоғлар енгил кийимларга алмаштирилган ҳамда хоналардаги ҳарорат икки даражага, яъни 26 даражага кўтарилган.
“‘Мавсумга кўра кийиниш’ об-ҳаво омилини инобатга олган ҳолда ва қулайлик даражасидан келиб чиқиб кийинишни англатади. Бу нафақат ички энергия истеъмолини қисқартиради, балки харажатлар камайиши ва иқлим учун фойдали таъсирга эгадир”, — дейилади таҳлилда.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги 74-сессиясида вилоятдаги мавжуд цемент, ғишт заводлари ҳамда иссиқхоналар 2023 йил якунига қадар тўлиқ кўмир билан иситиш тизимига ўтказилиши маълум қилинганди. Шунингдек, ҳудудлардаги кўча ёритиш чироқларини ҳам 100 фоиз қуёш панелларида ишловчи ёритиш қурилмаларига алмаштириш таклифи илгари сурилган ва маъқулланган.