Келгуси беш йил ичида ўртача глобал ҳарорат рекорд даражага етади. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) экспертлари хабар бермоқда.
Иссиқхона газлари чиқиндиларидан ташқари, Эль-Ниньо табиат ҳодисаси ҳам ҳароратнинг ошишига таъсир қилади.
Метеорологлар келгуси беш йил ичида камида бир йил ёки ҳатто бутун беш йиллик давр тарихидаги энг иссиқ бўлишини 98 фоизлик эҳтимол билан башорат қилишмоқда.
“Эль-Ниньо исиши феномени келгуси ойларда юз бериши кутилмоқда ва бу антропоген иқлим ўзгариши билан бирлашиб, глобал ҳарорат билан боғлиқ вазиятни ноаниқликка олиб келади. Бу саломатлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитга катта таъсир кўрсатади. Биз бунга тайёргарлик кўришимиз керак”, деди Жаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Петтери Таалас.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилда ўртача глобал ҳарорат саноатдан олдинги даврдан (1850-1900 йиллар) 1,15 даражага юқори бўлган. Ла Нинья ҳодисасининг совитиш эффекти сўнгги уч йил давомида узоқ муддатли исиш тенденциясини вақтинча тўхтатди.
Бироқ, Ла Нинья 2023 йил март ойида тугади ва Эль-Ниньонинг келгуси ойларда ривожланиши башорат қилинмоқда, бу эса глобал ҳароратни ошириши эҳтимолини оширади, деб хабар беради news.un.org.