Бу қарор Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этиш учун келган зиёратчиларнинг туйғуларига ҳурматсизлик қилишнинг олдини олиш мақсади билан изоҳланган.
Бундан буён Саудия Арабистонига борган зиёратчилар Макка ва Мадина шаҳарларидаги масжидларда видео ва суратга туша олишмайди. Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги ҳаж маросимларида қатнашиш учун келган зиёратчилар Макка ва Мадинанинг муқаддас жойлари ичида фотосурат ва видео суратга олишни тақиқлади.
Нашрнинг ёзишича, янги тақиқлов фотоаппарат, видеокамера ва телевизион камераларга татбиқ этилади. Энди Макка шаҳридаги Масжидул-ҳаром ва Мадинадаги Масжидун-набавия ҳудудида бу қурилмалардан фойдаланиш тақиқланади. Вазирлик бу қарорни Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этиш учун келган зиёратчиларнинг туйғуларига ҳурматсизлик қилишнинг олдини олиш мақсади билан изоҳлаган.
Бундай чекловга амал қилмаган ҳуқуқбузарларнинг фото ва видеоматериаллари ҳамда камералари мусодара қилинади. “Саудияга муқаддас зиёратларни уюштирувчи ташкилотлар бу янги қарор ҳақида мижозларини огоҳлантиришлари шарт”, деган вазирлик вакили.
Бироқ Саудия Арабистони ҳукумати ҳали бу ҳақда расмий баёнот берганича йўқ.