Ўзбекистонда тўрт ой ичида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 499 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда 2023 йилнинг тўрт ойи давомида 2144 та йўл-транспорт ҳодисасида 499 нафар фуқаро вафот этган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда транспорт воситалари сони аҳоли жон бошига кўпайиши ва йирик шаҳарларда янги автомобиль йўлларини қуриш имконияти чеклангани, светофор орқали транспорт оқимини бошқаришнинг ягона ақлли автоматлаштирилган тизими тўлиқ жорий этилмагани сабабли йўлларда тирбандликлар вужудга келмоқда.

Таҳлиллар давомида аниқланишича, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларни сақлашда ҳамон бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

“Йўл ҳаракати қоидалари аҳоли ўртасида ҳанузгача таъсирчан ва самарали тарғиб қилинмайди, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг бу борадаги маданиятини юксалтиришга қаратилган материаллар етарли даражада берилмаяпти”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, тегишли олий ўқув юртларини битирган бакалавр ва магистрларни йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ишга қабул қилишнинг замонавий, шаффоф ва самарали тизими тўлиқ жорий этилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўмита йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурган. Хусусан, қарор ҳамда умуммиллий дастур ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мутасаддилари фаолиятига баҳо бериш масаласини кўриб чиқиш, қарор ҳамда умуммиллий дастур ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудий комиссиялар масъулиятини кучайтириш, ҳудудий комиссиялар томонидан ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиш, шунингдек, тегишли таҳлилларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари муҳокамасига киритилиши кабилар.

Муҳокама якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.

Маълумот учун, 2022 йилда Ўзбекистонда 9902 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳамда уларда 9606 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2356 нафар фуқаро ҳалок бўлган.