ИИБ биносидан 21 ёшли йигитнинг ўлиги чиқди

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ биносида терговга чақирилган 21 ёшли йигит ҳожатхона деразасидан сакраб, жароҳат олган ва кейинчалик вафот этган.

Ички ишлар вазирилигининг аниқлик киритишича, 22 май куни тонгги соат 04:30 ларда Чилонзор туманидаги йўл патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторлари Gentra машинасини тўхтатишган.

Йўловчи Х.Т. ўз хатти-ҳаракатлари билан ходимларда шубҳа уйғотгани айтилган. Шу сабабли холислар иштирокида текширилган ва унинг ёнидан ўткир ҳидли тўқ жигарранг модда аниқланган. Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, бу модда 53,52 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси бўлиб чиққан.

Ҳолат юзасидан Х.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Шу куни тахминан соат 18.50 ларда Х.Т. Чилонзор тумани ИИО ФМБдаги 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётганда у ҳожатхонага киришни сўраган. Ҳожатхонада терговдан қочиш мақсадида деразадан сакраган. Оқибатда бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган. Айтишича, бу ҳолат видеоёзув мосламаларида қайд этилган.

У зудлик билан Республика шошилинч тиббиёт марказига олиб борилган. Унга «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси» ташхиси қўйилган.

Бугун, 29 май куни Х.Т. касалхонада вафот этган. Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.