Тошкент жамоат транспортида нархлар кузгача ошмайдиган бўлди

Май ойи охирига қадар Тошкент жамоат транспорти йўловчилари учун янгича нархларни ўз ичига олган қулай тарифлар жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Шаҳар кенгаши депутати Хусниддин Эргашевнинг
маълумот беришича, ўзгариш кейинга — камида шу йилнинг куз ойларига қолдирилган.


Транспорт бошқармаси янги тарифлар билан жамоат транспорт воситаларида қатнаш учун йўлкиранинг бир марталик нархи амалдаги 1400 сўмдан 2000 сўмга, банк ва транспорт карталари, мобил иловалар орқали тўлов қилувчи йўловчилар учун эса 1600 сўмга ўзгаришини билдирганди. Бир соат давомида икки автобусдан фойдаланилса, биринчисидан 1600 сўм, иккинчисидан эса 400 сўм ечиб олиниши; метродан автобусга ёки автобусдан метрога ўтилганида биринчисидан 1600 сўм, кейингисидан 1000 сўм тўлов қилиниши кўзда тутилганди.

Аммо май ойи тугади ҳамки, ўзгариш амалга ошмади. Тошкент шаҳар кенгаши депутати Хусниддин Эргашевнинг тушунтиришича, бунга халқ вакилларининг янги тарифларга кескин қарши экани сабаб бўлган. Унга кўра, 31 май куни депутатлар тизимни жорий қилиш масаласини муҳокама қилган ва якунда тарифларни ислоҳ қилиш бўйича ишлар шу йилнинг кузигача амалга ошмаслиги бўйича қарор қабул қилинган. Бундан келиб чиқадики, жамоат транспортидан фойдаланиш нархлари камида сентябрь ойигача ўзгаришсиз қолади.