Ижтимоий тармоқларда самарқандлик аёл калтаклангани акс этган видеолар тарқалди. Ушбу ҳолатга вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси муносабат билдирди.
Дастлабки маълумотга кўра, 1982 йилда туғилган аёл М.Р. ва турмуш ўртоғининг акаси А.Р. ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Фермер хўжалиги ишчиси бўлган А.Р. фермер хўжалиги экин майдонига қорамоли тушгани учун М.Р.га тан жароҳати етказган.
Аёл шу йилнинг 30 май куни юз ва қўл-оёқ соҳасидаги жароҳат билан шифохонага ётқизилган бўлиб, айни вақтда аҳволи нисбатан қониқарли.
“Албатта, М.Р.га етказилган тан жароҳатида зўравонлик аломатлари борлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Хотин-қизларга нисбатан бўладиган тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш, уларни ҳимоя қилиш, бахтли турмуш кечириши учун барчамиз масъулмиз”, дейилади бошқарма хабарида.
Қайд этилишича, айни вақтда беморнинг саломатлиги, ҳуқуқий ҳимояси доимий назоратда. Жомбой тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.