Навоий шаҳри ва Кармана тумани давлат солиқ инспекциялари раҳбарларига бу ноодатий жазо солиқ тушумлари бўйича «план»ни бажармагани учун қўлланилган.
Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Анваржон Ботиралиев туман ва шаҳар солиқ инспекциялари раҳбарларига ноодатий жазо қўллади.
1 июн куни кечга яқин бошқарма бошлиғи солиқ тушумлари бўйича май ойи режасининг бажарилиши юзасидан йиғилиш ўтказган. Йиғилиш давомида режани бажаришда сусткашликка йўл қўйган туман ва шаҳар давлат солиқ инспекциялари раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилган.
Шунингдек, солиқ тушумлари бўйича аҳвол қониқарсиз бўлгани сабабли бошқарма бошлиғи топшириғи билан жазо сифатида Навоий шаҳри ҳамда Кармана тумани давлат солиқ инспекциялари раҳбарларининг хизмат машинаси олиб қўйилган. Орадан бир кун ўтиб, 2 июн куни хизмат машиналари ҳайдовчиларга қайтарилган.
Маълумот учун, Анваржон Ботиралиев 2021 йил март ойи охирида Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди. Мазкур лавозимда иш бошлаганидан 7 кун ўтиб, 2021 йилнинг 8 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тадбиркорлик масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда Ботиралиевга уч ой синов муддати берилган эди.