Бугун, 7 июнь Украинанинг Херсон вилоятидаги Голой Пристань шаҳри сув остида қолди. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти раҳбари Геннадий Недялков маълум қилди.
Хабар берилишича, аҳоли пунктининг деярли 80 фоизини сув босган, баъзи ҳудудларда сув деярли томларга етиб бормоқда. Шаҳарнинг асосий қисмида сув сатҳи тахминан ярим метрга кўтарилиб, айланма йўлни кесиб ўтган ва қўшни “Молодежное” аҳоли пунктидан ўтган.
Недялковнинг сўзларига кўра, Голой Пристань ҳукумати бугун сув тошқини сабабли 1000-1500 нафар аҳолини эвакуация қилишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 июнь куни Украинанинг Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғони портлатиб юборилганди. Киев ва Москва бир-бирини тўғонни портлатганликда ва Украина жанубида кенг кўламли сув тошқинига сабаб бўлганликда айблади. Украина Президенти Владимир Зеленский Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашини чақиртирди. Кеча, 6 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Каховка ГЭСидаги портлаш муносабати билан Украина илтимосига кўра фавқулодда йиғилиш ўтказди.