Пойтахт Тошкент шаҳридаги 59-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси ҳаракат вақтида совитиш тизими (кондиционер)ни ёқмасдан ҳаракатлангани маълум бўлди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг 7 июнь куни, соат 10:12 лар атрофида 59-сонли автобус ҳайдовчиси З.О. бошқарувидаги автобуснинг совитиш тизими (кондиционер)ни ёқмаган ҳолда ҳаракатланган. «Сергели 7-мавзе» бекатида йўловчилар эътирозидан сўнг совитиш тизими (кондиционер)ни ёққани аниқланган.
“Ушбу ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамда «12-Автобус саройи» филиали масъул ходимлари, йўловчилар норозилигига сабаб бўлган ҳайдовчи билан тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, корхона ички тартиб қоидасига биноан, ҳайдовчилар автобус салонида совитиш тизими (кондиционер)ни соат 8:00 дан 19:00 га қадар ёққан ҳолда ҳаракатланишлари белгиланган.