“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати кенг жамоатчилик фикри ва соҳа экспертларига таянган ҳолда, қийноқларга барҳам бериш мақсадида зудлик билан 10 таклифни илгари сурган.
- Сўнгги рўй берган қийноқ ҳолатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти батафсил ахборот бериши ва тизимда қийноқларга барҳам бериш бўйича аниқ режаларини жамоатчиликка тақдим этиш.
- Бундан буён, мунтазам равишда ҳар бир қийноқ ва бошқа инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар бўйича ИИВ раҳбарияти шахсан жамоатчиликка ахборот бериб бориш.
- Жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган шахснинг ҳуқуқлари содда тилда тушунтирилгани ҳақида тилхат олиш амалиётини жорий этиш.
- Жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган шахснинг прокурор билан учрашиш талабини дарҳол қондириш бўйича ҳуқуқини қонунчиликда мустаҳкамлаш.
- Ҳибсга (қамоққа) олинганларнинг расман қамоқда сақлаш жойлари деб эътироф этилган жойларда сақланишини, уларнинг сақланаётган жойлари тўғрисидаги маълумотларни манфаатдор томонлар, шу жумладан, қариндошлари, дўстлари ва жамоат ташкилотлари учун очиқ бўлишини таъминлаш мақсадида онлайн маълумотлар базасини яратиш.
- Шахсни ҳибсга олишда “Миранда қоидаси”ни қўллаш билан боғлиқ ҳаракатларни талаб даражасида амалга оширмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини зудлик билан парламентга киритиш.
- Миллий превентив механизм доирасида ички ишлар идораларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва ушлаб туриш жойларига жамоатчилик вакилларининг мониторинг ташрифларини ташкил этиш ва доимий амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш.
- Ички ишлар органларига ишга қабул қилиш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, хусусан, тегишли тузилмалар ходимларини жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини билиши, ходимларнинг психологик ҳолатини стресс-тестдан ўтказиш тизимини ислоҳ қилиш.
- Ҳар бир ушлаб туриш ва ҳибсга олиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш, кенгаш томонидан тегишли давлат идорасининг фаолияти давомида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва поймол этилмаслиги юзасидан доимий жамоатчилик маслаҳатлашувлари ва мониторингларни ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш.
- Қийноқлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ, жамоатчиликда резонанс уйғотган жиноий ишлар юзасидан очиқ ва сайёр суд мажлисларини ташкил этиш, уларни ОАВ орқали онлайн трансляция қилиш амалиётини кенг жорий этиш.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Бўка туманида ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган У.С. қийнаб ўлдирилган.