Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқди.
Мажлисда А.Абдуҳакимов экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берди.
Депутатлар унинг номзодини Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига маъқуллашди.