12 июнь куни Нукус шаҳридан Чимбой тумани йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган икки машина тўқнашиш оқибатида 2 нафар киши вафот этди, дея хабар бермоқда Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ўша куни соат 14:30 да Нукус-Чимбой-Тахтакўпир автомобиль йўлининг 43−44 километр оралиғида фуқаро Б.М. бошқарувидаги Lacetti транспорт воситаси йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, фуқаро Р.Т.нинг бошқарувидаги Labo автомашинаси билан тўқнашган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида Labo ҳайдовчиси Р.Т. ҳамда Lacetti ичида бўлган йўловчи Ш. С. воқеа жойида вафот этган, унинг ҳайдовчиси Б.М. ва йўловчи — вояга етмаган А.Б. жароҳатлар олиб Кегайли тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.