Тошкент шаҳрида Қизил китобга киритилган Лочин қушини сотаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани Ширин кўчасида фуқаро A.Ш. ва М.А.лар томонидан Қизил китобга киритилган 1 дона Лочин қуши сотилаётган вақтда қўлга олинган. Мазкур ҳолатда Лочин қуши тегишли рухсатномасиз ноқонуний равишда сотилгани маълум бўлган.
“Лочин қуши вақтинчалик Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судига тақдим этилди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, ушбу ҳолатда ҳуқуқбузарлар Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни содир этган.