Қозоғистондан кийилган кийимларни сотиб олиш бўйича Ўзбекистон Тожикистондан кейинги иккинчи ўринда туриши маълум бўлди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” нашри хабар берди.
Келтирилишича, сўнгги йилларда Қозоғистонда эскирган кийимлар савдоси 60 баробар ошган. Мамлакат молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитасининг статистик маълумотларига кўра, 2022 йилда кийилган 50 минг тоннадан ортиқ кийим-кечак, пойабзал ва аксессуарлар экспорт қилинган. Шундай қилиб, Қозоғистон эскирган кийим-кечак экспортини оширмоқда.
Тожикистон қозоқ кийимларининг асосий истеъмолчисига айланган. Яъни барча эски кийимларнинг 98 фоизини бу мамлакат импорт қилмоқда, қолганини Ўзбекистон сотиб оляпти.
Импорт бўйича божхона статистикасига кўра, охирги беш йил давомида Қозоғистонга иккинчи қўл истеъмол товарларининг асосий қисми Европа давлатларидан: Нидерландия, Германия ва ҳатто Бельгия ва Финляндиядан олиб келинган. Баъзи товарлар Россиядан келтирилади. Биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатга қарийб 2 минг тонна эскирган маҳсулот олиб кирилган.