Ўзбекистон Республикаси Марказий банки эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларни, шунингдек, 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларни ҳозирги кунда амалда бўлган банкнотларга алмаштириш бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Марказий банк Матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки “Айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан эски намунадаги танга ва банкнотларнинг муомалада бўлиш муддатлари:
• 2001-2002 йиллар намуналаридаги 50 сўмлик, 2004 ва 2009 йил намуналаридаги 100 сўмлик тангалар ҳамда 1994 йил намунасидаги 50 ва 100 сўмлик банкнотлар учун 2019 йил 1 июлгача;
• 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар учун 2020 йил 1 июлгача белгиланганди.
Шунингдек, Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 29 январдаги қарорига асосан ушбу эски намунадаги тўлов қобилиятини йўқотган пул белгиларини Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказлари орқали амалдаги пул белгиларига алмаштириб бериш муддати 2023 йилнинг 1 январигача узайтирилган эди.
Эндиликда Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 3 июндаги тегишли қарорига асосан тўлов қобилиятини йўқотган эски намунадаги 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларни ҳамда 50 ва 100 сўмлик тангаларни Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказлари орқали қабул қилиш ва алмаштириб беришни давом эттириш белгиланди.
“Шу муносабат билан, барча фуқаролар қўлида қолиб кетган эски намунадаги тўлов қобилиятини йўқотган юқорида кўрсатилган номиналлардаги банкнотлар ва тангаларни Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказларида амалдаги пул белгиларига эркин алмаштириб олишлари мумкинлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.