Аттракциондан йиқилган фуқаролар ҳолати ўртаоғир даражада



Шу йил 12 июнь куни тунги соат тахминан 22:10 ларда пойтахтимизнинг “Анҳор – Локомотив” кўнгилочар боғида икки фуқаро аттракционда учиш чоғида хавфсизлик камарларини тақмаганлиги сабабли йиқилиб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Мельница» номли қурилмадан йиқилган 24 ёшли Б.Э. ва 30 ёшли Т.М. нинг аҳволи ҳақида қуйидагиларни маълум қилади.

Бахтсиз ҳодисадан сўнг «Тез ёрдам» бригадаси келгунга қадар Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган. Тез тиббий ёрдам етиб келгач, жароҳат олган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.

Муассасада беморлар зудлик билан шок залига олиниб, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган.

7-8 метр баландликдан тушиб кетиш оқибатида жароҳат олган 1999 йилда туғилган бемор Б.Э.га “Кататравма. Қўшма шикастланишлар. Бош мия ёпиқ жароҳати. Ўрта даражадаги мия шикастланиши. Бош мия пешана қисми контузион ўчоқ. Чап елка суяги катта бўртмачасининг ёпиқ синиши. Чап тос суяги бошчасининг ёпиқ чиқиши. Чап елка бўғими дисторсияси. Чап юқори қовоқ, чап қўлтиқ соҳаси, чап периорбитал соҳаси юмшоқ тўқималари,чап елка соҳаси, чап кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималар шикастланиши, тери ости қон қуйилиши” ташхиси қўйилиб, тегишли даво молажалари тайинланган.

1993 йилда туғилган бемор Т.М.га эса “Кататравма. Умуртқа ёпиқ шикастланиши. Дурал қопчаси эзилмаган, орқа мия функцияси бузилмаган ҳолда умуртқа поғонаси суяклари VL1-VL2 таначаларининг I даражали компрессион синиши. Умуртқанинг бел қисми дисторсияси. Бел соҳаси юмшоқ тўқималарининг шикастланиши” ташхиси қўйилган.

Беморлар айни пайтда нейрохирургия бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта оғир даражада.Нафас олиш ва гемодинамик кўрсаткичлари барқарор. Улар шифохонада белгиланган даво стандартлари асосида даволанмоқда.