Жиззах вилоятида 6-синф қизнинг номусига теккан 21 ёшли йигитга икки йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси хабар берди.
Манбага кўра, 21 ёшли йигит 2022 йилнинг ёзида 12 ёшли қиз билан танишган ва ўзаро яқин муносабатга киришган. Бир неча йилдан сўнг турмуш қуришни режалаштирган йигит ва қиз узоқ вақт учрашиб юрган.
Шунингдек, куз ойларининг бирида йигит қизни бирга айланишга таклиф қилган. Қўшниси ҳамроҳлигида чиққан 6-синф қиз йигитнинг таклифи билан унинг яқин қариндошиникида тунаб қолган.
Шундан сўнг, йигит қизнинг розилиги асосида у билан ишқий муносабатда бўлган. Эртаси куни такроран учрашув белгиланиб, юқоридаги ҳолат такрорланган. Суд жараёнида айбланувчи ўз қилмишига иқрор бўлган, қиз ва унинг онаси эса йигитга қарши ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирган.
Тегишли органлар томонидан айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш) билан жиноят иши очилган. Суд муҳокамаси давомида судья ишни 128-модданинг 1-қисмига, яъни енгилроқ жазони назарда тутувчи тоифага ўзгартирган. Бу билан судланувчи айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.