Собиқ ташқи ишлар вазири, Марказий Осиё халқаро институти директори Норов Владимир Имомович нафақага чиқди.
Келтирилишича, Норов 2022 йил 30 декабрдан ҳозиргача Марказий Осиё халқаро институти директори вазифасида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, Владимир Норовнинг Twitter’даги саҳифасида у Марказий Осиё халқаро институтининг собиқ директори деб кўрсатилмоқда.
Маълумот учун, Владимир Норов 1955 йил 31 август куни Бухоро вилоятида туғилган. 1972-1976 йилларда Бухоро педагогика институтини тамомлаган. 1983-1985 йилларда Совет Иттифоқи ички ишлар вазирлиги академияси тингловчиси бўлган. Бошқарув лавозимларидаги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, у 2022 йил 27 апрелдан 30 декабргача икки марта Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган. 2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби, 2017 йил 5 майдан 2018 йил 31 декабргача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари, 1996-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси каби лавозимларда фаолият юритган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Германия, Польша, Швейцария, Люксембург ва Бельгиядаги собиқ элчиси бўлиб ишлаган.