Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшовчи 36 ёшли эркак Б.Ш. жорий йилнинг 18 июнь якшанба куни ишга чақирилиб, уйига ўлик ҳолда қайтган. Бу ҳақда «Марказий студия» дастури хабар берди.
Уч фарзанднинг отаси бўлган фуқаро 12 йилдан бери Қарши шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида ишлаб келган.
«Шоира деган опа бор. У ҳар куни эрталаб 05:30 ларда телефон қиларди. Ўша куни ҳам телефон қилиб, Бобур кел деб, телефон қилди. Кейин чиқиб кетди. Аслида шанба, якшанба дам куни, аммо дам йўқ эди», — дейди марҳумнинг хотини.
Марҳумнинг акасига эса укасининг ўлим хабари ўша куни тахминан соат 17:00 атрофида ўзини Қарши шаҳар прокуратураси терговчиси деб таништирган шахс томонидан қўнғироқ қилиб айтилган.
Марҳумнинг акаси ўша кунги воқеани қуйидагича изоҳлади:
«Нима сабабдан вафот этибди десам, иссиқда юраги тўхтаб қолибди, деди. Поччам телефон қилиб, ток уриб ўлибди деди. Шунда «дўхтирлар»га ток урибди-ку, десам «дўхтирлар» бир-бирига қараб, булар билиб қолибди-ку, дейишди. Кейин хулосани бошқача беришди».
Ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида MY5 журналисти Қарши шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбарияти билан боғланган, афсуски улардан ҳеч қандай жавоб ололмаган.
Журналистнинг таъкидлашича, дастлабки тахминларга кўра, марҳумнинг ўлимига фаввораларда техник ишларни олиб бораётган пайтдаги ток уриши сабаб бўлган.
Қарши шаҳар прокуратурасининг маълум қилишича, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш учун тегишли экспертизалар тайинланган.