Қирғизистон мамлакатнинг вояга етган фуқароларига паспортда отасининг исми қаторида онасининг исмини қўллашга расман рухсат берди.
Тегишли қарор республика Конституциявий суди томонидан қабул қилинган. Қарор матнини икки ярим йилдан бери давлат ҳокимияти органларини судга бериб келаётган қирғизистонлик фаол Олтин Капалова Facebook саҳифасида эълон қилди.
Республика Конституциявий судининг қарорида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилган.
“Қарор якуний ҳисобланади. Апелляцияга берилмайди. Эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Қарор республика бўйлаб барча давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир”, — дейилади Конституциявий суд қарорида.
Фаолнинг қайд этишича, эндиликда Қирғизистоннинг ҳар бир вояга етган фуқароси онасининг исмини олиши мумкин.
“Мен Қирғизистон Республикаси Конституциявий судига ушбу қарори учун миннатдорлик билдираман ва 16 ёшли ўғлим Данияр Алтинович Капаловни табриклайман, у тез орада паспорт олишга боради ва менинг исмимни ёздириши мумкин бўлади”, — дейди Капалова.