Тахминан 300 000 долларга нархланаётган тўлиқ электрон учар автомобиль текисликда ва ҳавода синовдан ўтиш учун рухсат олди.
Калифорниялик автомобиль ишлаб чиқарувчи Alef Aeronautics компанияси пресс-релизда А модели учун Федерал авиация маъмуриятидан махсус парвозга яроқлилик сертификати олинганини маълум қилди.
Space-X каби компаниялар томонидан қўллаб-қувватланган стартапга кўра, бу учар автомобиллар учун биринчи синов рухсатномасидир.
Alef бош директори Жим Духовний қуйидагича таъкидлади:
“Бу бизга одамларга экологик тоза ва тезкор қатнов уловлари тақдим этиш имконини беради, ҳар ҳафта жисмоний шахслар ва компанияларнинг бир неча соатларини тежайди. Бу самолётлар учун кичик, бироқ автомобиллар учун улкан қадамдир”.
Компания кўчада ҳаракатланиш ва вертикал учиш қобилиятига эга биринчи учар автомобилни ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Автомобиль ҳайдаш ва тўхташ жойи учун мавжуд шаҳар инфратузилмасига мослашишга мўлжалланган.
Учар машина вертикал ёки горизонталь ҳолатда учади ва икки кишини кўтара олади. Унинг йўл масофаси 322 км.гача, учиш масофаси эса 177 км.гача бўлиши кутилмоқда.
Харидорлар умумий навбатга қўшилиш учун 150 АҚШ доллари миқдорида депозит ёки етказиб бериш бошланганда 1500 доллар тўлашлари мумкин. 2022 йилнинг охирги уч ойида 440 га яқин киши депозит тўлаган, деб маълумот берди Alef компанияси.