Кейинги ҳафтада жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судида “Kompromatuzb иши” кўрила бошлайди, деб ёзмоқда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.
Бош прокуратура томонидан тасдиқланган айблов хулосасига кўра, 4 нафар шахс — Human.uz сайти асосчиси ва муҳаррири Хуршид Далиев, Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ва фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджоновлар ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми (Товламачилик) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланишмоқда.
Ҳозирча суд куни белгиланмаган. Қоидага кўра, маҳкамага раислик қилувчи судья компьютер дастури бўйича тасодифий танланади. Суд очиқ ёки ёпиқ ўтказилиши аниқ эмас.
Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари даврида жиноят ишининг бошқа иштирокчиларига оид қисми Ўзбекистон ЖПК талаблари асосида алоҳида иш юритувига олинган.