Елена Милашина ва адвокат Александр Немов калтакланган. Журналистга бош мия ёпиқ жароҳати ташхиси қўйилган, кафт бармоқлари синдирилган, адвокатга тиғ билан жароҳат етказилган. Улар Зарема Мусаеванинг судида қатнашиш учун Грознийга келишганди.
4 июл куни тонгда Грозний шаҳрида «Новая газета» журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга ҳужум қилинди. Милашина ва Немов Грознийдаги аеропортдан чиқиб ҳаракатланган автомобил ниқобдаги шахслар томонидан тўхтатилган. «Новая газета» хабарига кўра, журналист аёл ва адвокатни дубинкалар билан калтаклашган, жумладан юз қисмига тепишган. Уларнинг телефонлари тортиб олиниб, блокировкадан ечиш талаб қилинган, техника ва ҳужжатлари йўқ қилинган. «Қийноқларга қарши жамоа» раҳбари Сергей Бабинетснинг айтишича, Милашина ва Немовни калтаклаганлар уларга улар ёритган «барча суд ва ишлар ҳақида эслатган». «Бу бандитча ҳужум эмас, балки уларнинг фаолияти учун қилинган ҳужум эди», — дея қайд этган у.
Милашина ва Немов маҳаллий шифохонага олиб борилган. Журналистга бош мия ёпиқ жароҳати, бармоқлар синиши жароҳати қўйилган. «Журналистнинг бутун танасида кўкаришлар бор, боши тақир қилинган ва зелёнка (кўкдори) чаплаб ташланган. Уни бундай ҳолатда махсус транспортсиз ташиб бўлмайди, деб хабар қилмоқда ҳамкасблари», — дея ёзган «Мемориал». «Новая газета» хабарига кўра Милашина бир неча бор ҳушини йўқотган, шифокорлар Милашинанинг МРТ натижаларини қўлга беришмаётгани қайд этилган. Немов эса калтак зарбларидан ташқари, пичоқ билан ҳам жароҳатланган.
«Новая газета» журналисти ва адвокат Грознийга Зарема Мусаевага ҳукм ўқиладиган судда қатнашиш учун етиб келишганди. Мусаева — «Қийноқларга қарши қўмита»нинг собиқ ҳуқуқшуноси Абубакар Янгулбаев ҳамда чеченларнинг мухолифатчи «Адат» ҳаракати асосчиларидан бири сифатида кўриладиган Ибрагим Янгулбаевнинг онаси ҳисобланади. 2022 йил январида чечен кучишлатар тузилмалари Мусаевани Нижний Новгороддан Чеченистонга ўғирлаб кетишганди. Унга нисбатан полицияга куч ишлатиш бўйича иш очилган. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Нижний Новгороддан олиб келиш чоғида Мусаева гўёки «полиция ходимига ҳужум қилгани ва унинг кўзини ўйиб олишига бир бахя қолгани»ни айтган. Прокурор Мусаевани беш ярим йил муддатга қатъий тартибли колонияга ҳукм қилишни сўраган.
«Новая газета»да қайд этишларича, Милашина Чеченистонга хизмат сафари билан келган, аммо энди унда «буни давом эттириш учун жисмонан имконият йшчй». Немов, жароҳат олганига қарамай, Мусаеванинг иши билан шуғулланиш ва судда унинг манфаатларини ҳимоя қилишни давом эттирмоқчи.
«Новая газета» таҳририяти сўрови билан инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татяна Москалкова вазиятга аралашган. «Қийноқларга қарши жамоа» раҳбари шифохонада Милашина Москалкова билан гаплашаётгани акс этган суратни намойиш этган.
Кейинроқ Милашина ва Немовни тез ёрдам машинасида Бесландаги шифохонага юборишгани маълум бўлди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Москалкова билан суҳбатдан кейин шундай топшириқ берган. Жабрланувчиларга чечен омбудсмени Мансур Солтаев ҳамроҳлик қилмоқда. Адвокат эса Зарема Мусаеванинг судига бора олмаган. Александр Немов ўрнини «Қийноқларга қарши жамоа» вакили Александр Савин эгаллаган.
Грознийдаги Ахмат раён суди Зарема Мусаевани фирибгарлик ва полиция ходимига куч ишлатишда айбдор деб топиб, 5,5 йил муддатга умумий тартибдаги колонияга ҳукм этди.
Чеченистон раҳбарияти Елена Милашинага Зарема Мусаева иши бўйича таҳдид қилиб келарди. Республика раҳбари Рамзан Қодиров 2022 йил бошида ушбу журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Игор Каляпинни «террорчи» ва «террорчиларнинг ҳамтовоқлари» деб атаб, ҳуқуқ-тартибот органларини уларни қўлга олишга чақирганди. Хабар қилишларича, Милашина Қодировнинг таҳдидларидан кейин Россияни вақтинча тарк этмоқчи бўлганди.
Елена Милашинага 2020 йилда ҳам Грознийда ҳужум уюштирилганди. Журналист ўшанда Грозний марказида Рамзан Қодировнинг қариндошлари ва унга яқин бўлган шахслар яшовчи элита маҳалладан видео эълон қилган ва ноқонуний қурол сақлашда айбланган Ислам Нухановнинг судида иштирок этиш учун Чеченистонга келганди. Милашина ва Дубровинга меҳмонхонага киришда ҳужум қилинган ва уларни калтаклашганди.