“Толибон” Қобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида гўзаллик салонларининг фаолиятини тақиқлади. Бу ҳақда “Khaama Press” хабар берди.
Афғонистон Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигига кўра, мамлакатдаги гўзаллик салонларини бир ой ичида ёпиш бўйича топшириқ берилган. Бу афғон аёлларининг жамоат жойларига киришига нисбатан қўйилган сўнгги чеклов ҳисобланади. Бу муддатдан кейин ҳам фаолиятини юритишда давом этадиган салонларга берилган лицензиялар ва шартномалар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланиши қайд этилган.
Маълумот учун, 2001 йилда “Толибон” ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, 11 сентябрь воқеаларидан бир неча ҳафта ўтиб Қобул ва Афғонистоннинг бошқа шаҳарларида илк гўзаллик салонлари пайдо бўлганди. 2021 йилнинг август ойида “Толибон” Афғонистон ҳукумати тепасига иккинчи бор келганидан сўнг дастлабки пайтларда баъзи гўзаллик салонларига ўз белгилари ва деразаларини яширган ҳолда фаолият юритишга ва аёлларни иш билан таъминлашга рухсат берилганди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда аллақачон қизлар учун таълим муассасалари, жумладан, мактаблар ва университетлар ёпилган. “Толибон” томонидан афғон аёлларининг халқаро ва миллий ноҳукумат ташкилотларда ишлаши ҳам ман этилган. Оммавий ахборот воситаларига эса аёллар овози билан эфирга узатиладиган тижорий эълонларни бериш тақиқланган. Аввалроқ мамлакатдаги аёллар сартарошхоналарига косметика воситаларидан фойдаланишда қатор чекловлар жорий этилганди. Бундан ташқари, афғонистонлик аёллар очиқ ҳаводаги ресторанларга бориши ҳам мумкин эмас. Жорий йил апрель ойида нишонланган Рамазон ҳайитида, ҳатто, аёлларнинг кўчага чиқиши ҳам тақиқланганди. Бундай чекловлар нафақат аёлларга, балки эркакларга нисбатан ҳам жорий қилинган. Масалан, эркаклар учун аёлларнинг кийимларини тикиш тақиқланган. Шунингдек, Афғонистонда аёлларни эркак шифокорлар даволаши ҳам мумкин эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, “Толибон” ҳокимияти остида сўнгги пайтларда ўсмир қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган. Шунга қарамай, “Толибон” яқинда мамлакат аёлларининг “эркин инсон” мақоми тикланганини эълон қилди.