Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган “Бунёдкор” стадионига қарашли автотураргоҳ ўрнида 2023-2025 йилларда меҳмонхона ва кўп қаватли турар жой биноси қурилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 3 июлида қабул қилинган “Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг саноат салоҳияти ва инвестиция жозибадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида қайд этилган.
Унга кўра, автотураргоҳнинг жами 5,5 гектар ер участкасида қиймати камида 200 млн АҚШ доллари бўлган меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп квартирали уйлар ва кўп қаватли автотураргоҳни ўз ичига олган замонавий ишбилармонлик марказини қуриш лойиҳасини амалга ошириш таклифи маъқулланган. Мазкур таклиф Тошкент шаҳар ҳокимлигидан чиққан.
Шунингдек, ушбу ҳужжат билан ҳукумат ҳамда пойтахт ҳокимлигига “Замонавий ишбилармонлик марказини амалга ошириш учун” ер участкасини лойиҳа ташаббускорларига ўрнатилган тартибда ажратиш топширилган. Ҳужжатда лойиҳа ташаббускорлари ким эканига аниқлик киритилмаган.