Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги баёноти яқин ойларда дунёда содир бўлиши кутилаётган жазирама об-ҳаво, сув тошқинлари ва бўронлар прогнозига бағишланди.
“Душанба куни сайёрамиз бўйича рекорд даражадаги энг иссиқ кун қайд этилди, — дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус. — Яъни 3 июль санасида Ердаги ўртача ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича 17 даражадан ошди.
Бу — мазкур йўналишда кузатувлар бошланган 1979 йилдан бери кузатилган юқори кўрсаткич.
Келгуси ойларда эса бир қатор экстремал об-ҳаво ҳодисаларига рўбарў келишимиз мумкин. Қурғоқчилик, тошқин ва бўронлар, жазирама тўлқинлари шулар жумласидан”.
Баёнотда қайд этилишича, Африка қитъасининг шимоли-шарқида жойлашган баъзи мамлакатлардаги узоқ давом этган қурғоқчилик аллақачон очарчилик, миграция ва юқумли касалликларни келтириб чиқарган ва бу ҳолат соғлиқни сақлаш муассасалари учун ортиқча юклама бўляпти.
Бундан ташқари, айни пайтда етти давлат — Жибути, Эфиопия, Кения, Сомали, Жанубий Судан, Судан Республикаси ва Угандада деярли 60 миллион киши озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда.